Эрон 4 журналист ва 2 меҳнат ҳуқуқи фаолини катта гаров пули эвазига озод қилди

Эрон 4 журналист ва 2 фаолни, жумладан, меҳнат ҳуқуқи ҳимояси фаоли Сепида Ғўлиённи гаров эвазига озод қилди.

Ғўлиён 9 ой олдин ҳибсга олинган ва Amnesty International (AI) бир кун олдин уни озод қилиш даъвати билан чиққан эди.

Яқинда эълон қилган беш кунлик очлигини тўхтатган 24 яшар Ғўлиён 120 минг АҚШ долларига тенг гаров пули тўлангандан сўнг озод этилди.

ISNA ахборот агентлиги хабарига кўра, яна бир меҳнат ҳуқуқи ҳимояси фаоли Атифа Рангриз ҳам қамоқдан қўйиб юборилган, аммо агентлик унинг қамоқдан чиқиши тафсилотларини очиқламади. Май ойидан бери ҳибсда ушлаб турилган Рангриз ҳам очлик эълон қилган эди.

4 нафар журналист – Амирҳусайн Муҳаммадифард, унинг умр йўлдоши Саназ Аллоҳёрий ва Амир Амирғўлий (барчаси GAM (“Қадам”) онлайн журнали журналистлари) ва ислоҳот тарафдори бўлган “Шарқ” газетаси журналисти Марзия Амирий ҳам гаров эвазига озод этилди.

Яна икки нафар фаол Исмоил Бахший ва Асал Муҳаммадий гаров эвазига озод қилинганлар орасида йўқ. Улар ўтган йилги меҳнат шароити оғирлигига қарши норозилик намойишлари вақтида ҳибсга олинган эди.