Тожикистон президенти 20 минг маҳбусни амнистия қилишга оид қонунни имзолади

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ўтган ҳафта якунида “Амнистия тўғрисида”ги қонун лойиҳасини имзолади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Мазкур қонун жорий йилнинг 16 октябрь куни Тожикистон президенти томонидан Конституциянинг 25 йиллиги муносабати билан этилган эди.

Қайд этилишича, тегишли органлар икки ойлик муддат ичида қонунни тўлалигича амалга ошириши ва президентга батафсил ҳисобот беришлари керак.

Тожикистон парламенти 25 октябр кунги мажлисида мамлакат Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан “Амнистия тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллаган.

Тожикистон бош прокурори Юсуф Раҳмоннинг парламент депутатларига билдиришича, “Амнистия тўғрисида”ги қонун 20 мингдан зиёд гумондор, айбланувчи, судланган ва қамалганларга нисбатан қўлланилади. Шу жумладан, тузатиш ишларига ҳукм этилган 4,5 минг киши ҳам амнистия қилинади. Қонун лойиҳасига кўра, 7 мингдан кўпроқ маҳбус колонияларда жазо ўташдан озод қилинади.

Бош прокурор қотиллик, терроризм ва экстремизм ёки “конституциявий тузум ва давлат хавфсизлигига қарши” жиноят содир этганлар авф этилмаслигини қўшимча қилган.