ТИВ Астраханда 25 ўзбекистонликни Ўзбекистон консули қулликдан қутқарганини хабар қилди

Иллюстратив сурат. (Астрахандаги воқеага алоқаси йўқ)

Ўзбекистоннинг Ростов-Дондаги бош консулхонаси вакиллари Россиянинг Астрахан областида Ўзбекистоннинг 25 фуқаросига паспортларини қайтариб олиш, ойликлари олиш ва Ватанга қайтишларида ёрдамлашди.

Бу ҳақда хабар қилган Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, 24 октябрда фуқароларнинг мурожаатлари муносабати билан Астраханда сайёр қабул ўтказилган..

Консул Хўжабахлил Асомов ўзбек диаспораси раҳбари Баҳодир Аминов билан биргаликда иш берувчи томонидан паспортлари олиб қўйилиб, маошларини берилмаётган 25 ўзбекистонлик билан учрашиш учун Харабали туманига борган.

«Олиб борилган ишлар натижасида ҳужжатлар қайтарилди ва пуллар тўланди, ватандошлар эса Ватанга юборилди», - дейилади ТИВ хабарида.

Сафар жараёнида бошқа қонунбузарликлар ҳам аниқлангани, Бош консулхона текширув тадбирларини ўтказишни сўраб Астрахан область ҳукумати органларига мурожаат қилишни режалаштиргани хабар қилинди..

Айтилишича, Бош консулхона вакили чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш ҳибсхонасига ҳам бориб, у ерда сақланаётган 50 ўзбекистонликдан 11 кишига Ўзбекистонга қайтиш учун сертификатлар берган.