АҚШ Хитойнинг Афғонистон бўйича музокараларга мезбон бўлиш таклифини қўллади

АҚШнинг Афғонистондаги махсус вакили Залмай Халилзод.

АҚШ Давлат департаменти Хитойнинг Толибон ва Афғонистон ҳукумати вакиллари ўртасидаги музокараларнинг навбатдаги раундига мезбон бўлиш таклифини қўллади. Толибон вакилларига кўра, учрашув 29-30 октябрь кунлари Пекинда бўлиб ўтади.

Ўтган ҳафтада Москвада Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича АҚШ, Россия, Хитой ҳамда Покистон ҳукуматлари иширокида музокаралар ўтказилди. 24-25 октябрь куни бўлиб ўтган учрашувда АҚШнинг Афғонистондаги махсус вакили Залмай Халилзод қатнашди.

Музокаралар давомида юқорида тилга олинган тўрт мамлакат вакиллари Афғонистонда "мукаммал ва барқарор келишувга" эришилишини қўллашларини изҳор қилишди. Улар Хитойнинг навбатдаги Афғонистон бўйича музокараларга мезбонлик қилиш таклифини қўллашди.

Пекиндаги музокаралар давомида бир неча вакил, жумладан, Афғонистон ҳукумати вакиллари, афғонистонлик бошқа етакчилар ҳамда Толибон вакиллари қатнашиши айтилмоқда.

Толибон билан музокараларнинг сўнгги раунди жорий йилнинг июлида Қатар пойтахти Доҳада бўлиб ўтди.

Халилзод айни дамда Покистонда. Куни кеча у бош вазир Имрон Хон билан учрашди. Толибоннинг бошқарув кенгаши Покистонда эканлигига ишонилади.

Бу орада Афғонистон расмийлари Толибон Жўзжон вилоятида амалга оширган ҳужумда 20 нафар одам ҳалок бўлганини маълум қилишди.