Эрдўғон Сурия шимолида Россия билан ҳамкорликдаги назорат миссияси 1 ноябрда бошланишини маълум қилди

Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон

Россия ва Туркиянинг Сурия шимолидаги қўшма назорат миссияси 1 ноябрь куни ўз ишини бошлайди. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон маълум қилди.

Москва ва Анқара эришган келишувга биноан, Сурия чегарасидаги ҳудуднинг бир қисми Анқара назоратига берилади, бошқа қисмини эса Россия ҳарбийлари ва унинг иттифоқчиси бўлган президент Башар Асадга содиқ кучлар назорат қилади.

- Ҳамкорликдаги миссияни жума куни бошлаймиз, - деди Эрдўғон.

Президент қўшма назорат чегарадан 7 км гача бўлган ҳудудни қамрашини қўшимча қилди.

Ўтган ҳафтада Москва ва Анқара курд кучларини Сурия-Туркия чегарасидан нарида ушлаб туриш ва назорат қилиш бўйича келишувга эришган эди. Келишув доирасида Россия ва Сурия кучлари курд жангчилари чегарадан 30 км масофагача ҳудудни тарк этишини таъминлайди. Курд жангчиларига ҳудуддан чиқиб кетиш учун 150 соат муҳлат берилган.

Эрдўғон Россия расмийлари Туркия террорчилар деб ҳисобловчи курд қўшинларининг 34 минг аъзоси ҳудудни тарк этганини айтганини, аммо ўз манбалари буни тўлиқ тасдиқламаганини таъкидлади.

Туркия президенти мамлакат кучлари суриялик курд жангчиларга дуч келса ёки ҳужумга учраса, Анқара ўзи лозим топгандек чора кўришини қўшимча қилди.

Туркия Сурия шимолидаги ҳарбий амалиётини АҚШ президенти Дональд Трамп минтақадан Америка қўшинларни олиб чиқиб кетишга қарор қилганидан кейин бошлаган эди.