АҚШ: Эрон “дунёда террорчиликнинг энг даҳшатли ҳомийси” бўлиб қолмоқда

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Эрон ядровий дастури ҳақида гапирмоқда, 25 сентябрь, 2019 йил, Ню Йорк

Эрон халқаро террорчилик ташкилотларини маблағ билан таъминлаш ҳамда Ер юзи, хусусан, Европада “ўз фитначилик режалари”да иштирок этиш билан “дунёда террорчиликнинг энг даҳшатли ҳомийси” бўлиб қолмоқда, дейилади АҚШ Давлат департаментининг янги ҳисоботида.

1 ноябрда эълон қилинган “Терроризм бўйича 2018 йилги мамлакатлар ҳисоботи”га кўра, Эрон “ўзининг топшириқларини бажараётган ва бутун жаҳонда зарарли таъсирини ёяётган террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун” йилига 1 миллиард АҚШ доллари сарфлайди.

Ҳисоботдаги рўйхатда Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” шиалар ҳаракати, Фаластиннинг “Ҳамас” ва “Ислом жиҳоди” исломчи гуруҳлари санаб ўтилади.

Эроннинг таҳдиди Яқин Шарқ билан чегараланиб қолмайди, у чин маънода глобалдир, ‒ деди Давлат департаментининг терроризмга қарши кураш масалалари мувофиқлаштирувчиси Натан Сейлз Вашингтондаги матбуот брифингида.

"Терроризм бўйича мамлакатлар ҳисоботи" 2004 йилдан бери Давлат департаментининг Конгрессни бутун дунёдаги терроризм бўйича доимий тарзда хабардор қилиб туриш хусусидаги мандатига кўра ҳар йили чоп этилади.

Ҳисоботнинг эълон қилиниши Теҳрон билан Вашингтон ўртасидаги муносабатлар кескинлашиб кетган пайтга тўғи келмоқда.

Бунга АҚШ президенти Доналд Трампнинг 2008 йили дунёнинг етакчи давлатлари билан Эрон ўртасида унинг ядро дастури бўйича эришилган битимдан Қўшма Штатларни олиб чиққани сабаб бўлган эди.

Вашингтон анча вақтдан бери Эронни халқаро терроризмни қўллаб-қувватлаш ва минтақани беқарорлаштиришда айблаб келади, аммо Теҳрон буни рад этади.