Тожикистонда 3 мингга яқин бола “метрика”сиз юрибди

Тожикистонлик юзлаб бола туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга эмас ва ижтимоий имтиёзлардан маҳрум қилинган. Бу ҳақда ЮНИСЕФнинг Тожикистондаги ваколатхонаси маълумот тарқатди.

БМТнинг Болалар жамғармаси ва Тожикистон ҳукуматининг “Миграция таъсири остидаги болаларни ҳимоя қилиш” лойиҳаси доирасида 3 мингга яқин “кўринмас бола” аниқланган.

Меҳнат мигрантларининг фарзандлари кўпинча қариндошлари ва танишлари қарамоғида қолади. Бу болаларнинг мавжудлигини айрим ҳолатларда давлат ҳатто билмайди ҳам: бу болаларнинг кўпчилигида туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома йўқ, улар ҳеч қаерда қайддан ўтмаган, улардан айримлари мактабга бормайди ва ижтимоий имтиёзлардан маҳрум қилинган.

Тожикистоннинг айрим ҳудудларида ҳаётга татбиқ этилаётган “Миграция таъсири остидаги болаларни ҳимоя қилиш” лойиҳаси доирасида 9 ёшдан 18 ёшгача бўлган 2 минг нафар болага туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилган. Яна 300га яқин ўсмирга “метрика” топшириш кутилмоқда, дея маълум қилишди ЮНИСЕФ вакиллари Душанбеда бўлиб ўтган конференцияда.

Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси йўқ болаларнинг аниқ сони маълум эмас. Расмийлар ўз вақтида гувоҳнома олиш учун ФХДЁ идораларига мурожаат қилмаган ота-оналарни айбламоқда. Ота-оналар эса мамлакатда иш топа олмаганликлари боис йиллар давомида ўзга юртларда сарсон-саргардон юришлари, айрим ҳолларда фарзандлари учун гувоҳнома олишни ёддан чиқариб қўйишларини айтишади.