Турк ҳарбийлари ИД собиқ лидери Абу Бакр ал-Бағдодийнинг опасини қўлга олишди. Бу ҳақда халқаро ахборот агентликлари юқори лавозимли турк амалдори сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатишди.
Манбага кўра, 65 ёшли Расмия Авад оиласи билан Суриянинг Ҳалаб вилоятидаги Азаз шаҳри яқинида яшашга мослаштирилган контейнерда жон сақлаётган бўлган. Аёл душанба оқшомида ўтказилган махсус амалиёт натижасида эри, келини ва беш фарзанди билан биргаликда қўлга олинган.
“Бу истихборат учун олтин кони кабидир. Унинг ИД тўғрисида билганлари бизнинг бу ташкилотга оид тасаввурларимизни анча кенгайтириши мумкин”, деди манба.
“Ислом давлати” террор гуруҳи раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий ўтган ой америкалик ҳарбийларнинг махсус амалиёти чоғида ўзини портлатиб юборганди. Амалиёт пайтида ИДга оид айрим ҳужжатлар ҳам қўлга киритилган. Бағдодийнинг ўрнини ким эгаллагани ҳақида ҳали ҳеч нарса маълум эмас.