Эрдўғон ал-Бағдодийнинг хотинларидан бири қўлга олингани ҳақида баёнот берди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон

Туркия “Ислом давлати” террор гуруҳи собиқ лидери Абу Бакр ал-Бағдодийнинг хотинларидан бирини қўлга олди. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Анқара университетида қилган чиқишида билдирди.

“Биз унинг хотинини ушладик, аммо шов-шув кўтармадик. Ундан ташқари Сурия ҳудудида Бағдодийнинг опаси ва поччаси қўлга олинди”, деган Эрдўғон ҳодисага оид бошқа тафсилотларга тўхталмади.

Бағдодийнинг хотинлари қанча бўлгани ҳалигача аниқ эмас. Associated Press маълумотига кўра, улар тўрт нафар бўлган. Reuters агентлиги эса Ироқдаги ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда, Бағдодийнинг уч хотини бўлгани ҳақида ёзган. Бағдодийни йўқ қилиш амалиётидан кейиноқ у билан биргаликда худкуш камари таққан икки хотини ўлгани тўғрисида маълумотлар пайдо бўлганди.

Турк ҳарбийлари 5 ноябрь куни Бағдодийнинг опаси Расмия Авадни қўлга олганлари ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

“Ислом давлати” террор гуруҳи раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий ўтган ой америкалик ҳарбийларнинг махсус амалиёти чоғида ўзини портлатиб юборганди.