“Метрика” олиш тартиби жўнлаштирилди

Ўзбекистонда туғилишни қайд этиш гувоҳномасини олиш тартиби соддалаштирилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага шу йил 6 ноябрида киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, эндиликда туғилишни қайд этиш муддати ўтказиб юборилганда 16 ёшгача бўлган боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини олиш учун ариза қуйидаги шахслар томонидан тақдим этилади:

- боланинг ота-онаси;
- ота-онанинг қонуний никоҳи мавжуд бўлган ҳолларда улардан бири;
- ишончнома асосида бошқа манфаатдор шахс;
- ота-онанинг ўрнини босувчи шахс ёхуд васийлик ва ҳомийлик органларининг мансабдор шахслари.

Авваллари бундай ариза фақат боланинг ота-онаси томонидан тақдим этилиши мумкин эди.

Бундан ташқари, эндиликда далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар консул ёки нотариус томонидан тасдиқланган ишончнома ва ариза асосида амалга оширилиши мумкин бўлади.