Приморьеда вафот этган икки ўзбекистонликнинг жасади ватанига юборилади

Приморье ўлкасидаги чегара устуни (иллюстратив сурат).

Шу йилнинг 5 ноябрь куни Россиянинг Приморье ўлкаси Чернигов туманида ўзбекистонлик Б.Р. ис газидан заҳарланиш оқибатида оламдан ўтган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси маълумотига таянган ҳолда хабар қилади.

Хабарномада автоҳалокатга учраган ўзбекистонлик И.Н. Приморье ўлкаси Арсеньев шаҳрининг марказий касалхонасида 30 октябрь куни ҳаётдан кўз юмгани ҳам қайд этилган.

ТИВ маълумотига кўра, иккала ватандош ҳам Приморьеда қонуний равишда яшаб, меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келган.

Ҳозирда Бош консулхона “Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги Ваколатхонаси билан биргаликда марҳумларнинг жасадларини ватанга юбориш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа масалаларни ҳал қилмоқда”, дейилади хабарномада.