Эрон Бушеҳр атом электр станциясининг иккинчи реакторини қуришни бошлади

Бушеҳр атом электр станцияси иккинчи реакторининг тамал тоши 10 ноябрда қўйилди.

Эрон 10 ноябрь куни Бушеҳр атом электр станциясининг иккинчи реакторини барпо этиш ишларини бошлади. Мазкур лойиҳа Россия билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

-Ядровий соҳа таъсир кўрсатишнинг потенциал манбаси ҳамдир. Айни мана шу ҳолат бугун биз инқилобимиз душманлари уюштирган жиддий синовларни бошдан кечираётганимизнинг асосий сабабларидан биридир. Душман бизни мана шу таъсир воситасидан маҳрум қилмоқчи,-деди лойиҳанининг тамал тошини қўйиш тадбирида иштирок этган Эрон вице-президенти Али Акбар Солиҳий.

2011 йилда Россия технологиялари асосида барпо этилган ва Яқин Шарқда ягона бўлган Бушеҳр атом электр станцияси БМТнинг халқаро атом агентлиги томонидан назорат қилинади.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Бушеҳр АЭСи Эрон ядро қуроли яратиш дастурининг узвий қисмидир, деган фикрни илгари суриб келади. Эрон эса бу айбловларни рад қилмоқда.