Грузияда норозиликларга қарамай гейлар тўғрисидаги фильм намойиши тўхтатилмади

«Кейин биз рақсга тушдик» фильмига қарши Грузияда ўтказилган норозилик намойиши.

Норозилик намойишларига қарамай, Грузия пойтахти Тбилиси ва Батуми шаҳарларидаги кинотеатрларда асли грузиялик бўлган швед режиссёри Леван Акиннинг гейлар тўғрисидаги «Кейин биз рақсга тушдик» фильми намойиш этилмоқда.

Фильм Грузия халқ рақс ансамбли раққослари бўлган икки йигитнинг бир-бирига бўлган муҳаббати ҳақида.

Ўтган ҳафтанинг жума ва шанба кунлари фильм намойиш этилишига қарши «Грузия марши» ва «Православ ота-оналар иттифоқи» ташкилоти фаоллари норозилик намойиши ўтказган эди.

Жума куни Тбилиси ва Батумида ўтган намойишлар полиция билан тўқнашувга айланиб кетганди. Ўшанда 27 нафар норози қўлга олинган.

Гейлар тўғрисидаги фильм намойишининг тўхтатилмагани ортидан консерваторлар раҳбари Леван Васадзе ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси раиси Бидзин Иванишвили билан ҳамкорликни тўхтатишини билдирди.

Васадзе Иванишвилини «грузин қадриятларини ҳақорат қилувчи фильм намойишни тўхтатмаганликда ёки тўхтатишни истамаганликда» айблади.