Ис газидан заҳарланган яна бир оила вафот этди

Иллюстратив сурат.

Нукусда 10 ноябрь куни уйида газда ишловчи иситиш қозонидан фойдаланган эр-хотин ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

9 ноябрь куни Қашқадарё вилояти Қарши тумани Боғдод маҳалласида яшовчи аёл, унинг 2 нафар фарзанди ҳамда меҳмонга келган 5 нафар қариндоши – жами 8 киши ис газидан заҳарланиб касалхонага ётқизилгани хабар қилинган эди.

Маълумотда айтилишича, улар ошхонадаги газ плитасини ўчирмасдан ухлаб қолишган.

Октябрь ойида Фарғона вилояти Қўқон шаҳрининг Туркистон кўчасидаги кўп қаватли уйлардан бирида уч кишилик оила, Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида тўрт кишилик оила ис газидан заҳарланиб вафот этгани билдирилганди.

Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси 2019 йилнинг олти ойида биргина пойтахтда 15 одам ис газидан заҳарланганини билдирган.

Ўзбекистонда ис газидан заҳарланиш ҳоллари, асосан, кеч куз-қиш-эрта баҳор мавсумида кўп учрайди.

"Ўзтрансгаз” 2018 йилнинг январь-апрель ойлари оралиғида Ўзбекистонда 58 одам ис газидан заҳарланиб вафот этгани, 54 одам эса жабрланганини билдирган.

Расмий маълумотга кўра, 2017 йилда ис газидан заҳарланиб ўлганлар сони 83 нафарни, жабрланганлар сони 110 нафарни ташкил этган.