Президент Путин Самарқандда ўтган "Валдай" анжумани иштирокчиларига қутлов йўллади

Россия президенти Владимир Путин.

Россия президенти Владимир Путин 11 ноябрда “Валдай” халқаро мунозара клубининг Х Осиё конференцияси иштирокчилари, ташкилотчилари ва меҳмонларига қутлов йўллади.

Мазкур анжуман Самарқандда 10-11 ноябрь кунлари ўтказилди. Анжуманда Россия, Хитой, Германия, Япония, Швеция, Ҳиндистон, Филиппин, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган 80 дан ортиқ эксперт иштирок этди.

“Халқаро экспертлар жамияти томонидан Осиёга қаратилаётган эътибор ҳақиқатан ҳам асослидир — энг йирик ва дунёда аҳолиси зич жойлашган ушбу минтақанинг жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги роли тобора кучайиб бормоқда. Бу ерда транспорт, коммуникация ва энергетика инфратузилмаси, юқори технологиялар ва фундаментал фан жадал ривожланмоқда”, дейилади Путин қутловида.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев ҳам анжуман иштирокчиларига қутлов жўнатган.

“Валдай” халқаро мунозара клуби 2004 йилда россияпараст экспертлар йиғиладиган майдон ўлароқ ташкил қилинган эди.