Исроил "Исломий жиҳод" қўмондонини ўлдиргани ортидан яна ракета отишмалари бошланди

«Исломий жиҳод»нинг катта қўмондони Баҳо Абу ал Атта 12 ноябрь куни ўлдирилди.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаняҳу 12 ноябрь куни Тель-Авивда ўтказган матбуот анжуманида Фаластиннинг Ғазо минтақасида «Исломий жиҳод» гуруҳи дала қўмондони ўлдирилганини билдирди.

-Исроил армияси Ғазо минтақасида «Исломий жиҳод»нинг катта қўмондони Баҳо Абу ал Аттани жисмонан йўқ қилди. Ўтган йилларда у Ғазо минтақасидан туриб уюштирилаётган террорнинг асосий илҳомлантирувчиси бўлган, кўплаб террор ҳаракатларини режалаштирган ва амалга оширган. У янги ҳужумларни режалаштираётган эди, - деди Нетаняҳу.

«Исломий жиҳод» қўмондонининг уйига отилган ракетадан унинг хотини ҳам ҳалок бўлган, яна икки ода яраланган.

Фаластиндаги қуролли гуруҳ мазкур ҳаракатга жавобан Исроилга ўнлаб ракета отди. Исроил томонида ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот йўқ. Ашкелон шаҳрида 17 киши енгил яралангани айтилмоқда.

Исроил армияси ҳам бунга жавобан Ғазога ракета отмоқда. Исроил ҳужумидан 25 ёшли фаластинлик ҳалок бўлгани ва уч киши яралангани айтилмоқда.

Европа Иттифоқи Исроилдан Фаластиннинг тинч фуқаролар яшайдиган ҳудудларига ҳужум қилишни тўхтатишни талаб қилмоқда.

Исроил, шунингдек, «Исломий жиҳод»нинг Суриядаги қўмондони Акрам ал Ажурийнинг Дамашқдаги уйига ҳам ракета отгани хабар қилинди. Ҳужум оқибатида қўмондоннинг ўғли ва яна бир одам ҳалок бўлган.