Петербургда ўзбекистонликка ҳужум қилган миллатчи ўсмирлар қамоққа олинди

Россиялик миллатчилар.

Россиянинг Петербург шаҳрида ўзбекистонлик 38 ёшли меҳнат муҳожирига ҳужум қилган уч нафар одам тергов якунлангунига қадар эҳтиёт чораси сифатида 12 январгача қамоққа олинди.

Фонтанка нашрининг 14 ноябрда билдиришича, 15, 16, 17 ва 19 ёшли ҳужумчилар Пост Ковалево темир йўл станциясида қўлга олинган. 15 ёшли ҳужумчини суд қамоққа олган эмас.

Терговчилар улар миллий нафрат асосида ўзбекистонликка ҳужум қилган, деб ҳисобламоқда.

Терговчиларга кўра, 17 ёшли ҳужумчи неонацист Тесак лақабига эга Максим Марцинкевични олқишлайдиган ижтимоий тармоқларда иштирок этади.

19 ёшли ҳужумчи эса ўз ижтимоий саҳифаларида миллатчиларга ҳос кийимларни кийиб тушган суратларини жойлаштирган.