Асир алмашиш келишувига мувофиқ икки ғарб профессори ва Толибоннинг уч жангариси қўйиб юборилди

Жангари гуруҳ 2016 йилнинг августида америкалик Кевин Кинг ҳамда австралиялик Тимоти Уиксни ўғирлаб кетган эди.

Хабарларга кўра, уч нафар Толибон қўмондони озод этилиши эвазига жангари гуруҳ асир олган Афғонистондаги Америка университетининг икки профессори қўйиб юборилди.

Жангари гуруҳ 2016 йилнинг августида америкалик Кевин Кинг ҳамда австралиялик Тимоти Уиксни ўғирлаб кетган эди.

Афғонистон расмийлари ҳамда Толибон тарқатган маълумотларга кўра, асир алмашиш 19 ноябрь куни Забул вилоятининг Навбаҳор туманида содир бўлган.

AFP агентлиги Толибон озод қилган профессорлар Забулдан Америка вертолётида олиб чиқиб кетилганини хабар қилди.

Бу хабардан уч соат олдин Толибон гуруҳи Афғонистон ҳукумати уч нафар аъзосини озодликка чиқариб, Қатарга юборганини маълум қилган эди.

Асир алмашувига аввалроқ Толибон ва Афғонистон ҳукумати эришган келишув асос бўлди. Қобулдаги ҳукумат жангари гуруҳ билан тўғридан-тўғри музокара олиб бориш учун бу каби келишувлар муҳим, деб билади. Сабаби Толибон Қобулдаги ҳукуматни Американинг “қўғирчоғи” деб атаб, ҳукумат расмийлари билан тўғридан-тўғри музокара олиб боришдан бош тортиб келади.

Толибон манбаларига кўра, икки профессор “Ҳаққоний” тармоғи етакчиси Сирожиддин Ҳаққонийнинг укаси Анас Ҳаққоний ва яна икки нафар жангарига алмашилган.