Термизда 700га яқин дайди ит ва мушук йўқ қилинди

Иллюстратив сурат.

Термиз шаҳрида ўтган 10 ой мобайнида 672 та қаровсиз дайди ҳайвон йўқ қилинди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимияти «Маҳалла» телеканалининг «Репортёр» дастурида намойиш этилган танқидий лавҳага жавобан маълум қилди.

«Маҳалла» телеканалида 25 октябрда намойиш этилган лавҳада Термиздаги чиқиндихоналарда дайдиб юрган итларнинг тобора кўпайиб бораётгани, бунга мутасадди ташкилотлар бефарқ қараётгани танқид қилинган эди.

“Ҳозирда шаҳар Давлат санитария эпидемология назорати маркази ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда қўшимча ишчи кучларини жалб қилган ҳолда дайди ҳайвонларни ушлаш ва йўқотиш ишларини жадаллаштириш билан боғлиқ чора-тадбирлар белгилаб олинди”, дейилади хабарда.

Аввалроқ Бухорода 10 мингга яқин дайди ит ва мушук йўқ қилингани ҳақида хабар берилганди.