Қирғизистон президенти офиси Жээнбековнинг “Азаттиқ” радиоси суриштируви фигурантига алоқасини рад этди

Қирғизистон президенти матбуот котиби Толгонай Стамалиева.

Қирғизистон президенти маъмурияти президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг “Азаттиқ” радиоси (Озод Европа/Озодлик радиоси қирғиз хизмати) етакчилигидаги журналистик суриштирув марказидаги шахс билан тижорий алоқада бўлмаганини билдирди.

Айни дамда Қирғизистонда “Азаттиқ” радиоси Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ қилиш маркази (OCCRP) ва Kloop.kg сайти билан ҳамкорликда Қирғизистон божхона хизматидаги йирик кўламли коррупция ҳамда мамлакатдан олиб чиқилган бир неча юз миллион доллар маблағлар тўғрисида ўтказган суриштирув қизғин муҳокама қилинмоқда.

22 ноябрь куни президент матбуот котиби Толгонай Стамалиева Жээнбеков президент этиб сайланишидан олдин “Азаттиқ” радиоси суриштируви марказидаги шахслардан бири Ҳабибулло Абдуқодир билан учрашганини, аммо у булан ҳамкорликда бизнес қилмаганини таъкидлади.

Қирғизистон Бош прокуратураси эса Туркияда ўлдирилган хитойлик тадбиркор Айэркен Саймаитига ўлимидан олдин қилинган таҳдидлар бўйича иш қўзғатилганини маълум қилди. “Азаттиқ” радиоси суриштируви фигурантларидан бири – келиб чиқиши уйғур бўлмиш хитойлик бизнесмен Айэркен Саймаити 10 ноябрь куни Истанбулда ўлдирилган эди. Саймаитига қарши таҳдидлар журналистик суриштирув давомида ошкор бўлган.

Қўшма суриштирув давомида 37 ёшда бўлган Саймаити мухбирларга Абдуқодир етакчилигидаги тармоқ орқали Қирғизистондан бир неча юз миллион доллар пул олиб чиқиб кетилганини кўрсатувчи ҳужжатларни тақдим этгани маълум бўлди. Хабарларга кўра, Абдуқодир Хитойнинг Синьцзян-Уйғур мухтор районида туғилган этник уйғур бўлиб, Россия паспортига эга.