АҚШ ижтимоий тармоқларни Эрон етакчилари ҳисобларини блоклашга чорлади

АҚШ Facebook, Instagram ва Twitter​ ижтимоий тармоқлари маъмуриятларини Эронда Интернет алоқаси тиклангунича мамлакат етакчиларига алоқадор ҳисобларни ўчириб қўйишга чорлади.

АҚШнинг Эрон бўйича махсус вакили Браян Ҳук:

- Бу учига чиққан иккиюзламачи тузум. Интернет ўчириб қўйилган бўлса-да, ҳукумат барча ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда давом этмоқда. Шу сабаб Facebook, Instagram ва Twitter каби ижтимоий тармоқ ширкатларини олий раҳбар Хоманаий, ташқи ишлар вазири Зариф ҳамда президент Руҳоний ҳисобларини ўз халқларининг Интернет алоқасини тиклагунича ўчириб қўйишларини сўраймиз, - деди.

15 ноябрда Эрон расмийлари бензин сотиб олишни чеклаш ва бензин учун ажратилаётган субсидия миқдорини камайтириш қарорини эълон қилиши ортидан мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетди. Натижада Эрон расмийлари мамлакатда Интернет алоқасини деярли бутунлай ўчириб қўйди.

Эрон расмийлари 100 дан ошиқ шаҳарда тарқалган намойишлар тинчиб қолганини иддао қилмоқда, аммо буни тасдиқлашнинг иложи бўлмаяпти.

Расмий Теҳрон намойишларда АҚШ, Саудия Арабистони ва Исроилни айблади.

Гарчи Эрон амалдорлари фақат 10 га яқин намойишчи ва хавфсизлик хизмати ходими ўлганини айтаётган бўлса-да, Amnesty International ишончли хабарларга таяниб, 100 дан ошиқ намойишчи ҳалок бўлгани ҳақида баёнот берди.