Москвада оиладаги зўравонликка қарши акция ўтказилади

25 ноябрь куни Россияда “СоцФем Альтернатива“ аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳи Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни муносабати билан Москва марказида акция ўтказади.

Гуруҳ шаҳар расмийлари соат 18:00 дан бошлаб шаҳар марказида 200 гача бўлган шахс акцияда қатнашишига рухсат берганини маълум қилди.

“СоцФем Альтернатива“ яқинда зўравонликка қарши курашиш қонун лойиҳаси таҳлилини эълон қилган эди.

Россия уйдаги зўравонлик бўйича жиноий кодексга эга бўлмаган Европа кенгашига аъзо ягона давлатдир. Унга аъзо 47 давлат орасида фақат Россия ва Озарбайжон уйдаги зўравонликка қарши курашиш тўғрисида 2011 йилда қабул қилинган Истанбул конвенциясини ратификация қилмаган.

Кейинги ўн йил давомида Россия Думасида уйдаги зўравонликка қарши курашиш тўғрисида 40 дан ошиқ қонун лойиҳаси кўриб чиқилди, аммо уларнинг бирортаси ҳам қабул қилинмади.

Ой бошида 63 ёшдаги тарих профессори Олег Соколов ўзидан 40 йилга ёш бўлган собиқ ўқувчиси ва қаллиғи Анастасия Ешченкони ўлдирганидан кейин Россияда бундай қонунга бўлган талаблар кучайди.