Эронда намойишларга қарши намойиш ўтказилди

Эрон Инқилоб посбонлари корпуси қўмондони генерал-майор Ҳусайн Саламий.

Эрон Инқилоб посбонлари корпуси қўмондони генерал-майор Ҳусайн Саламий 25 ноябрда ҳукумат томонидан уюштирилган митингда қатор давлатларга таҳдид қилди.

-Биз ҳеч бир қадамни жавобсиз қолдирмаймиз ва ўч оламиз. Биз ҳеч қандай давлат олдида қарздор бўлиб қолмаймиз, барча нарса учун ҳисоб-китоб қиламиз. Мен Америка, Британия ва Саудия Арабистонига айтаманки: сизлар бизни жанг майдонида синаб кўрдингиз. Сизларнинг юзингизга қаттиқ тарсаки туширдик ва сизлар бунга жавоб қайтара олмадингиз,-деди Ҳусайн Саламий митингда сўзлаган нутқида.

25 ноябрдаги митингда Эронда бензин нархи оширилгани муносабати билан 15 ноябрда бошланиб бир неча кун давом этган норозилик намойишлари қораланди.

БМТ Эрон ҳукуматини намойишларни аёвсиз бостириш чоғида ўнлаб одамлар ҳалок бўлгани учун танқид қилди.

Аввалроқ намойишларни бостириш чоғида 106 одам ҳалок бўлганини билдирган Amnesty International 25 ноябрь кунги баёнотида ўлганлар рўйхати 143 кишига етганини билдирди.