Помпео: Эронликлар инсон ҳуқуқлари бузилганига оид 20 мингта маълумотни берди

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 26 ноябрь куни ўтган матбуот анжуманида Вашингтон эронликлардан «инсон ҳуқуқлари бузилишига доир» 20 мингдан кўпроқ «фото, видео, хабар ва билдирувларни» қабул қилиб олди, деб айтди.

Унга кўра, бу маълумотлар Теҳрон норозилик намойишларини бостириш учун ҳаддан ташқари куч ишлатган пайтда йиғилган.

-Ҳукмрон режимнинг қирқ йилдан бери кўрсатиб келаётган хўрликларига ортиқ чидашни истамаётган мард Эрон халқига айтаманки: Қўшма Штатлар сизларни эшитмоқда. Биз сизларни қўллаб-қувватлаймиз ва бундан буён ҳам фаровонлик йўлидаги ҳаракатларингизни қўллашда давом этамиз,-деди Помпео.

Унга кўра, Вашингтон норозилик намойишларини бостириш чоғида инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйган Эрон амалдорларини аниқлайди ва уларнинг масъулиятини белгилайди.

Amnesty International намойишларни бостириш чоғида камида 143 одам ҳалок бўлганини билдирган.

Эронда бензин нархи оширилгани муносабати билан 15 ноябрда бир неча кун давом этган митинглар бошланган эди.