Кучли ер қимирлашидан зарар кўрган Албанияда қутқариш ишлари давом этмоқда

27 ноябрь куни ўндан ошиқ давлатдан келган қутқарувчилар қутқариш амалиётларида қатнаша бошлади.

Албанияда кучли зилзила ортидан маҳаллий аҳоли иккинчи кечани чодир ва машиналарда ўтказди. Мамлакатда 26 ноябрь куни содир бўлган 6,4 балли зилзила оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлди, тақрибан 650 одам жароҳат олди.

27 ноябрь куни ўндан ошиқ давлатдан келган қутқарувчилар қутқариш амалиётларида қатнаша бошлади. Улар дронлар ва итлар ёрдамида вайроналар остидан тирик қолганларни қутқариб олиш учун курашмоқда.

Зилзила 26 ноябрь куни эрталаб, пойтахт Тиранадан 30 км масофада содир бўлди. Зилзила оқибатида Дуррес порт шаҳри ҳамда Тумане шаҳарчаси энг кўп зиён кўрди. Хабарларга кўра, кучли зилзила Тумане шаҳарчасида иморатларни ер билан яксон қилган.

Асосий зилзила ортидан яна бир неча тўлқин кузатилган, шу сабаб айримлар ўз уйига қайтишдан ҳайиқмоқда.

27 ноябрь Албанияда мотам куни деб эълон қилинди.