АҚШ президенти кутилмаган ташриф билан Афғонистонга борди

Президент Дональд Трамп Афғонистондаги Бағром базасида нутқ сўзламоқда.

АҚШ президенти Дональд Трамп 28 ноябрь куни кутилмаган ташриф билан Афғонистонга борди. Бу унинг 2017 йилда президентликка сайланганидан бери Афғонистонга қилган биринчи ташрифидир.

Трамп Бағром аэропортида журналистларга берган интервьюсида «Толибон АҚШ билан музокараларни давом эттирмоқчи», деб айтди.

Унга кўра «Толибон билан келишувга эришилган ва сўзлашувларда ўқ отишни тўхтатиш масаласи муҳокама қилинмоқда», Трамп Толибон сулҳ тузиш истагида эканини таъкидлади.

Трамп Толибон томонидан ўғирлаб кетилган Кобулдаги Америка университетининг америкалик ва австралиялик икки профессори озод қилинганидан бир ҳафта ўтиб Афғонистонга борди. Профессорлар Ҳаққоний тармоғининг қамоқда сақланаётган нуфузли аъзоларига алмаштирилган эди.