Россия: Бизни тўрт йилга Олимпиададан четлатиш таклифи адолатдан эмас

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова:

Россия ВАДАнинг россиялик спортчиларни тўрт йилга Олимпиада ўйинларидан четлатиш тавсияси ортида сиёсий сабаблар борлигини айтиб, бу таклифни кескин танқид қилди.

28 ноябрь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова:

- Гап Россияни сиқиб чиқариш учун масаланинг сиёсийлаштирилаётганидадир.Ноҳалол рақобат деган тушунча бор. Бу ҳолатда қоидасиз жанг ва ҳатто уруш кетаяпти, десак ҳам бўлади, - деди.

- Допинг масаласида фақат Россияга эътибор қаратилади. Бошқа мамлакатлар муаммолари эса умуман муҳокама қилинмайди, - дея қўшимча қилди Захарова.

25 ноябрь куни Жаҳон антидопинг агентлиги – ВАДА нинг меъёрлар бўйича қўмитаси Россияни тўрт йилга Олимпиада ўйинларидан четлатишни тавсия қилди. Бунга Россия допингдан фойдаланмаслик қоидаларига амал қилмаётгани сабаб бўлди.

Хусусан, ташкилот Россияни допинг айбловларини кўриб чиқаётган терговчиларга сохталаштирилган лаборатория маълумотларини беришда айбламоқда.

ВАДА ўз қўмитасининг таклифи асосида 9 декабрь куни якуний қарорни қабул қилади. Агар Россия ўйинлардан четлатилса, у ҳолда рус спортчилари 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ва 2022 йилда бўлиб ўтадиган қишки Олимпиада ўйинларида қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

2015 йилда давлат ҳомийлик қилган Россия антидопинг агентлигида допинг жанжали юзага чиққач, Россиянинг халқаро мусобақаларда қатнашиши тақиқланган эди.