Қирғизистон собиқ президенти устидан суд ёпиқ эшиклар ортида бошланди

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев

29 ноябрда Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев устидан суд мажлиси ёпиқ эшиклар ортида бошланди. Бу ҳақда унинг адвокати маълум қилди.

Атамбаевга бир неча айблов, жумладан, 2013 йилда уюшган жиноятчилар тўдаси етакчисини ноқонуний тарзда озодликка чиқариш айблови қўйилган. Унинг ўзи унга қўйилган барча айбловни рад этиб келади.

Собиқ президентнинг адвокати Сергей Слесаревнинг айтишича, судда президент саволларга жавоб беришдан бош тортган.

Атамбаев суднинг дастлабки мажлисларида қатнашишдан бош тортган эди.

Август ойида Бишкек шаҳри Биринчи май тумани суди Атамбаевга қўйилган айблов 2013 йилда уюшган жиноятчилар етакчиси Азиз Батукаев ноқонуний тарзда озодликка чиқарилгани билан боғлиқ эканлигини маълум қилган эди.

Батукаев бир неча оғир жиноят, жумладан, депутат ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимини ўлдиришда айбдор деб топилган.

Атамбаев айбдор деб топилса, 15 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.