Озарбайжонда парламент тарқатилди

Озарбайжон парламенти ўзини ўзи тарқатиш қарорига келди ва муддатдан аввалги сайловларни белгилаб бериш илтимоси билан мамлакат президенти Илҳом Алиевга мурожаат қилди.

2 декабрь куни депутатлар ҳукмрон “Янги Озарбайжон” партияси таклифини ёқлаб овоз берди.

Ҳукмрон партия ўтган ҳафта “қонун чиқарувчи органнинг ҳозирги таркиби Алиев томонидан олиб борилаётган сиёсатга мос фаолият юритмаётгани”га оид баёнот билан чиққанди.

Кечаги овоз беришда 99 нафар депутат парламент тарқатилишини ёқлаб чиқди, бир депутат қарши овоз берди, яна бир нафари бетараф қолди.

Расмийлар иддаосича, муддатдан аввалги сайлов қонун чиқарувчи хокимиятни модернизация қилиш ва иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштиришга ёрдам беради.

Муддатдан аввалги сайлов парламент тарқатиб юборилганидан кейинги уч ой давомида ўтказилиши лозим. 2015 йилги сайловларда Илҳом Алиевнинг “Янги Озарбайжон” партияси ғолиб, деб эълон қилинган. Озарбайжондаги барча мухолифат партиялари аввалги сайловларни бойкот қилишган.

И.Алиев 10 миллион аҳолига эга бўлмиш мамлакатни 2003 йилдан бери бошқариб келмоқда. У 10 йил президент бўлган отаси Ҳайдар Алиевнинг ўлимидан сал олдинроқ президент этиб сайланган эди.