Нидерландия Россияни MH17 рейси ҳалокатига алоқадир шахснинг терговдан қочишига шароит яратиб беришда айблади

Володимир Цемах

Нидерландиялик терговчилар Москвани 2014 йили Украина шарқида MH17 рейси билан учиб кетаётган учоқнинг уриб туширилишига алоқадорликда гумонланаётган Украина фуқароси Володимир Цемахнинг терговдан қочишига шароит яратиб берганликда айблади.

2 декабрь куни Нидерландия Давлат прокуратура хизмати Россияни Цемахнинг Украина шарқида яширинишига “билиб туриб” йўл очиб беришда айблади.

Прокуратура баёнотига кўра, Россия Цемахни экстрадиция қилишдан бош тортган. Шу сабаб Нидерландия терговчилари Москвани ўзи ратификация қилган Экстрадициялар бўйича Европа конвенциясини бузишда айблади.

“Россия Федерацияси ўз фуқароларини экстрадиция қилмайди, аммо жаноб Цемах Украина фуқароси бўлгани учун, уни экстрадиция қилишга ҳеч қандай тўсиқ йўқ эди”, дейилади прокуратура билдирувида.

Цемах 7 сентябрь куни Россия ва Украина алмашган асирлар орасида Украинадан Москвага юборилган эди.

MH17 рейси билан Амстердамдан Куала-Лумпурга парвоз қилаётган учоқ 2014 йилнинг 17 июлида уруш зонаси устида, Украина ҳукумати бошқарувида бўлмаган ҳудудда “Бук” ракетаси билан уриб туширилган.

Цемах ўша пайтда Донецкда россияпараст айирмачиларнинг ҳаво мудофааси қўмондони бўлган.

MH17 рейси фожиасида 298 киши, жумладан, 80 ёш бола ҳалок бўлган.