Умрага борган 14 нафар ўзбекистонлик Саудиядан депортация қилинди

Иллюстратив сурат.

Саудия Арабистони чегара хизмати Умра зиёратига борган 14 нафар ўзбекистонликни ватанига депортация қилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизматига кўра, шу йил 26 ноябрь куни Андижон вилоятида жойлашган туристик фирмалардан бири томонидан Жидда шаҳрига юборилган 14 нафар ўзбекистонликнинг визаси қалбаки бўлиб чиққан.

Турфирма уларга қалбаки виза расмийлаштирган ва Саудия Арабистонига йўллаган. Саудия Арабистони чегара хизматининг маълум қилишича, уларнинг визаси бекор қилиниб, мамлакатга киритилмасдан депортация қилинган.

“Жидда шаҳридаги Бош консулхона ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АКнинг Саудиядаги вакиллари билан ҳамкорликда ҳолат юзасидан барча зарурий ташкилий тадбирлар амалга оширилиб, 27 ноябрь куни “Жидда-Тошкент” авиақатнови билан юқоридаги 14 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди”, дейилади қўмита хабарномасида.