Тошкент туманларидаги газ тақчиллигига метро қурилиши сабаб қилиб кўрсатилди

Иллюстратив сурат.

Тошкентнинг айрим туманларида газ тақчиллигига метро қурилиши важидан газ қувурларининг демонтаж қилиниши сабаб бўлган. Бу ҳақда “Ўзтрансгаз” ширкати матбуот хизмати маълумот тарқатди.

“Дарҳақиқат, Роҳат мавзеси томондан Қўйлиқ бозоригача бўлган Тошкент ҳалқа йўли бўйлаб ер усти метро қурилиши вақтида, зарурат туфайли, 1,5 км узунликдаги газ қувури демонтаж қилинди. Шу сабабли совуқ кунларда шаҳарнинг айрим ҳудудларида табиий газ тақчиллиги кузатилди”, дейилади хабарномада.

Ширкат шу кунда газ қувурини тиклаш бўйича қурилиш ишлари олиб борилаётгани, Қўйлиқ деҳқон бозори яқинидаги ҳалқа йўли ёқалаб 800 метр газ қувурлари ётқизилганини билдирган ҳамда вақтинча ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраган.

Маълумотларга кўра, шу йил 22 ноябридан Тошкентнинг Миробод, Чилонзор, Сергели, Шайхонтоҳур, Яккасарой ва Учтепа туманларида газ босими пасайиб кетган.