Келаси йилдан 10 та олий ўқув юрти ўз-ўзини молиялаштиришга ўтади

Вазирлар Маҳкамасининг 3 декабрь кунги қарори билан 2020 йил 1 январдан бошлаб, мамлакатдаги 10 та олий таълим муассасаси тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтади.

Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот Telegram канали 5 декабрь куни хабар тарқатди.

Бу рўйхатга Самарқанд давлат чет тиллари институти¸ Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти¸ Тошкент давлат юридик университети¸ Тошкент давлат иқтисодиёт университети¸ Тошкент молия институти¸ Тошкент давлат шарқшунослик институти¸ Тошкент фармацевтика инситути¸ Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети¸ Урганч давлат университети ва Тошкент темир йўл муҳандислари институти киритилган.

Бу олийгоҳларнинг тажриба рўйхатига киритилишда¸ расмий хабарда ëзилишича¸ “уларнинг илмий педагогик салоҳияти юқорилиги, молиявий фаолиятининг барқарорлиги, моддий-техника базаси етарли даражадалиги, таълим хизматлари бозорида мазкур мутахассисликларга талаб юқорилиги инобатга олинган".

Мазкур рўйхатга киритилган ОТМлар Ўзбекистонда энг кўп абитуриент ҳужжат топширадиган¸ коррупция даражаси ҳам баланд экани айтиладиган олийгоҳлар саналади.

Ҳукумат қарорига кўра¸ мазкур 10 олийгоҳларда “тўлов-контракти асосида таълим олаётган талабаларнинг контракт тўлаш муддатлари томонлар келишувига кўра шартнома асосида белгиланади”.

Бу эса¸ келаси ўқув йилидан мазкур ОТМлардаги контракт нархининг ўзгаришини назарда тутади.

Президент Шавкат Мирзиëев жорий йил 11 июль куни 2020 йилдан бошлаб айрим ОТМлар босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтишини кўзда тутувчи 5763-сонли қарорга қўл қўйган эди.