Тоқаевнинг сўзларидан кейин қозоқ элчиси Украина Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди

Қозоғистоннинг Киевдаги элчиси Самат Ўрдабаев 5 декабрь куни Украина Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.

Киевлик дипломатлар “Қозоғистоннинг Украина Қрими Россия томонидан ноқонуний аннексия қилинишига нисбатан тутган позицияси”дан жиддий ташвишга тушганларини билдирган.

Украина ТИВ матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашув чоғида томонлар икки томонлама муносабатлар истиқболи ва халқаро ташкилотлардаги ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилганлар.

Учрашув якунида томонлар мустақиллик, давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва чегаралар бузилмаслигини ҳурмат қилиш позициясига содиқ эканларини билдирганлар.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 4 декабрь куни Deutsche Welleга берган интервьюсида Қримдаги ҳодисаларни “аннексия” деб ҳисобламаслигини айтганди. Бу мулоҳаза халқаро доираларда шов-шувларга сабаб бўлди.

“Биз Қримда юз берган ҳодисани аннексия, деб ҳисобламаймиз. Бўлар иш бўлди. Аннексия сўзи Қримга нисбатан жуда оғир сўз", деганди Тоқаев.

Расмий Киев Тоқаевнинг бу сўзлари юзасидан ташвиш изҳор қилган, Россия томони эса Қозоғистон президентининг сўзларини хуш қарши олган.

Бу орада қозоғистонлик рассом Асхат Ахмедьяров пайшанба куни Нур-Султондаги Украина элчихонаси биноси олдига украин тилида “Вибачте за нього” (“Унинг учун кечиринглар”) сўзлари ёзилган ва эшакники экани тахмин этилмиш бош тасвири туширилган плакат билан келди. Журналистларга интервью берган Ахмедьяров Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Қрим борасида айтган сўзлари учун Украина халқидан кечирим сўрашга келганини айтган.

Рассомга элчихона деворлари олдида плакатни ёйишга имкон беришмаган. У ўша заҳоти махсус қўриқчилик хизмати ходимлари томонидан тутилиб, қўлидаги плакати тортиб олинган. Ташқарига чиққан элчихона вакиллари йиғилганларни тарқалишга чақиришган ва ҳодиса юзасидан изоҳ беришмаган.

Ҳодиса жойига етиб келган полициячилар Ахмедьяровни ушлаб кетишмаган. У ўз машинасига ўтириб, жўнаб кетган. Унга плакат қайтарилмаган. Полиция ҳам бу борада баёнот бермаган.

Ахмедьяров плакатидаги ёзув ва расм Қрим-татар халқи мажлиси раҳбари Рефат Чубаровнинг баёнотига шаъма экани тахмин қилинмоқда. У Тоқаевнинг “аннексия - Қримга нисбатан жуда оғир сўз” жумласи юзасидан изоҳ берар экан, «Dedelerımız söyler edı: eşekten at olmaz...» (Боболаримиз айтарди «Эшак ҳеч қачон от бўлмайди» деб) деганди.