Тожикистонда хусусий шахсларга олтин, кумуш ва қимматбаҳо тошларни қазиб олишга рухсат берилди

Тожикистон ҳукумати хусусий шахсларга рангли ва қимматбаҳо металларни, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни қазиб олишга рухсат берди.

Бу каби бойликларни қазиб олиш тартиби мамлакат ҳукумати томонидан 27 ноябрь куни тасдиқланган.

Хусусий тартибда олтин, кумуш, платина, қўрғошин, вольфрам, титан каби металлар, қимматбаҳо тошлардан ёқут, сапфир, хризолит, топаз, берилл, нефрит, ақиқ, кварц ва бошқа тошлар, ноёб минерал унсурлардан лопарит, монацит, ксенотим, баснезит кабилар қазиб олинишига рухсат берилди.

Қазиб олувчи хусусий шахсларга қўл жиҳозларидан, 50 от кучига эга двигателли техникадан ҳамда кичик бурғулаш асбобларидан фойдаланишга рухсат берилган. Уларга тупроқни тозалашда кимёвий реагентлардан фойдаланиш тақиқланган.

Қазувчилар ўз ишлари учун маҳаллий молия идораларидан рухсатнома олишлари шарт.

Қазиб олинган қимматбаҳо металл ва тошлар Молия вазирлиги қошидаги Давлат ғазнасига ёки бойликларни қайта ишлаш лицензиясига эга саноат корхоналарига сотилиши керак. Агар давлат ғазнаси ёки корхоналар харид қилишни истамаса, у ҳолда қазиб олган шахс ёзма равишда раддия хати олиши керак ва шундан кейингина бойликларни бошқа жойда сотиш хуқуқига эга бўлади.

Агар хусусий шахс қимматбаҳо тош ёки металлни яширса ёки хавфсизлик техникасини бузгудек бўлса, бу инсонлар ҳалокатига ёки жароҳатига сабаб бўлса, у ҳолда унинг лицензияси олиб қўйилиши мумкин. Агар фойдаланилаётган участка Тожикистон ҳукумати эҳтиёжлари учун керак бўлиб қолса, бу жой олиб қўйилади.