Қозоғистонда Сурия бўйича музокараларнинг галдаги раунди бошланди

Сурия бўйича Нур-Султонда аввал ўтказилган учрашувлардан бири.

Туркия, Эрон ва Россия делегациялари уч томонлама музокараларда иштирок этиш учун 10 декабрь куни Қозоғистон пойтахти Нур-Султонга келди. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айбек Смадияров журналистларга маълум қилди.

Сурияда саккиз йилдан бери давом этиб келаётган қуролли низоларни бартараф этишга қаратилмиш музокараларда урушдан кейин мамлакатда ишлайдиган конституцияни, сиёсий ўтиш режасини, қочқинлар хавфсизлиги ва уларни жойлаштириш режасини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Бу Остона жараёни деб аталмиш музокаралар доирасидаги 14-учрашувдир. Илк учрашув 2017 йил январида Туркияда БМТ воситачилигидаги Женева музокараларини дастаклаш учун ўтказилган.

Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти директорининг ўринбосари Санат Қушқумбаевнинг 5 декабрь куни Euroactiv сайтига маълум қилишича, учрашувда “Сурия шимолий қисмидаги Идлиб атрофи ва Фирот соҳилларига оид техник масалалар” муҳокама қилинади.

Унга кўра, бу ерда гап урушсиз бўлга бўйича аввал эришилган келишувларни шимолий-шарқий йўналиш бўйлаб кенгайтириш борасида бормоқда. Қушқумбаевнинг урғулашича, бу турклар, курдлар ва “Ислом давлати” гуруҳи қолдиқлари бўлган мураккаб ҳудуддир.

Қозоғистон пойтахтидаги Сурия бўйича музокаралар Сурия масаласида БМТ воситачилигида Женевада ўтказилаётган музокаралардан алоҳида ўтказилмоқда.