Бангладешдаги диний мактабларда ўқиётган ёшлар Тожикистонга қайтарилди

Иллюстратив сурат.

Бангладешнинг диний мактабларида таҳсил олаётган 10 га яқин бола Тожикистонга қайтарилди.

Улар ихтисослаштирилган мактаб-интернатга жойлаштирилган. Тожикистон Таълим ва фан вазирлигининг маълум қилишича, бу ерда улар адаптация жараёнидан ўтадилар.

2010 йил августида Тожикистон президенти чет эл мадрасаларида ўқиётган болаларнинг ота-оналарига фарзандларини ватанга қайтариш чақириғи билан чиққанди. Раҳмон болалар у ерларда мулла бўлиб эмас, балки террорчи ва экстремист бўлиб етишишини иддао қилган.

Жорий йил февралида расмийлар хорижий мадрасаларда таҳсил олаётган тожикистонликларнинг катта қисми (3758 кишидан 3571 нафари) юртга қайтарилгани ҳақида маълумот берганлар. Дин, аньана, тантана ва урф-одатларни мувофиқлаштириш қўмитаси раҳбари Сулаймон Давлатзодага кўра, бу ёшлар қонунга зид равишда мамлакат хорижидаги диний ўқув юртларида таҳсил олган. Ўшанда мулозим хорижда яна 240 нафардан кўпроқ тожикистонлик талаба қолганини айтганди.