Президент қоғозбозлик ва мажлисбозликни камайтириш ҳақида қарор чиқарди

Шавкат Мирзиëев даврида турли даражадаги раҳбарларнинг видеоселектор йиғилишлари янги урфга айланди.

Ўзбекистон президенти қўл қўйган яна бир қарор “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланди.

10 декабрь куни ЎзА агентлиги эълон қилган бу қарордан давлат органлари ва ташкилотларидаги эскирган бюрократик усулларда иш юритиш, ҳужжатлар айланмасига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш шунингдек, амалий аҳамиятга эга бўлмаган кўплаб йиғилиш ва мажлислар ўтказиш амалиётига барҳам бериш кўзда тутилган.

Шу мақсадда¸ қарорга кўра¸ 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг таркибий бўлинмалари ўртасида ҳужжат айланиши ва ҳисоботларни юритиш фақат электрон кўринишда шакллантирилади ва амалга оширилади.

Қарорда белгиланган вазифалар орасида вақтни тўғри ташкил этиш ва ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш технологиялари, бюрократия, қоғозбозлик ва йиғилишлар ўтказиш амалиётини бекор қилиш бўйича ўқув дастури ишлаб чиқиш ҳам бор.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келгандан сўнг туман¸ вилоят ва республика ҳокимият идораларининг эрта тонг ëки тунда мунтазам селектор йиғилишлари ўтказиши кенг урфга кирди. Бундай мажлисбозлик ва қоғозбозлик жараëнга алоқадор ҳукумат мулозимларининг ҳам эътирозига сабаб бўлиб келмоқда.