Сенат қўмитаси Туркияга нисбатан санкция қўллашга оид қонун лойиҳасини маъқуллади

Ражаб Тоййиб Эрдўғон

АҚШ Сенати қошидаги Ташқи алоқалар қўмитаси 11 декабрда АҚШнинг НАТОдаги иттифоқчиси бўлган Туркияга қарши Сурияга бостириб киргани ва Россиянинг S-400 ҳаводан ҳужумга қарши мудофаа тизимини харид қилгани учун санкция жорий қилиш кўзда тутилган қонун лойиҳасини маъқуллади.

Айни пайтда Россияга нисбатан санкциялар қўллаш назарда тутилган баҳсли қонун лойиҳасига овоз бериш кечиктирилди.

Қўмита аъзолари, шунингдек, Марказий ва Шарқий Осиё мамлакатларининг Россияга қарамлигини камайтириш мақсадида энергетика лойиҳаларига молиявий ёрдам беришга қаратилган қонун лойиҳасини ҳам маъқуллади. Унда Давлат котиби олдига Россияни терроризмнинг давлат ҳомийси деб аташ ёки атамасликни аниқлаб бериш талаб қўйилади.

Қонун лойиҳасига Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Вашингтонда президент Дональд Трамп ва Давлат котиби Майк Помпео билан учрашганининг эртаси куни овоз берилди. Помпео Лавров билан суҳбатлашгандан сўнг Москва билан иқтисодий муносабатларда “сезиларли илгари силжиш” ҳақида баёнот бермоқчи эканини маълум қилган эди.

Ҳам Россия президенти Владимир Путин, ҳам Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан яқинлигини намойиш қилган Трамп ушбу мамлакатларга нисбатан санкциялар қўллашни кечиктиришга уриниб кўрди.