Қирғиз депутатлари Матраимовлар даъвоси бўйича ОАВ ҳисобларига жорий этилган ҳатловни бекор қилишга чақирмоқдалар

Қирғизистон парламенти депутати Жанар Ақаев.

Қирғизистон парламенти депутати Жанар Ақаев Бишкек шаҳар судига мурожаат қилиб, Матраимовлар оиласи даъвоси бўйича “Азаттиқ” радиоси (Озодликнинг қирғиз хизмати), журналист Али Тўхтаохунов, 24.kg ва Kloop.kg нашрларининг банк ҳисоблари ҳатланиши борасида Свердлов туман судининг қарори бекор қилинишига чақирди.

“Матраимовлар учта медиага нисбатан судга даъво аризасини берди. Уларнинг судлашиш ҳуқуқи бор, ўзларининг ҳақлигини исботлашсин. Бироқ Свердлов туман суди ариза берилиши биланоқ ОАВнинг банк ҳисоб рақамларини музлатиб қўйди. Бу нотўғри. Ҳушимизга келишимиз керак”, деди депутат Ж.Ақаев 12 декабрь кунги парламент мажлисида.

Парламентнинг яна бир депутати Мирлан Жээнчўрўев туман суди қарорини учта ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилиш, дея баҳолади. Унинг фикрича, зудлик билан иккинчи инстанция судига мурожаат қилиш ва ҳисоблардаги ҳатловни бекор қилишга эришиш керак.

Аввалроқ Бишкек шаҳар Свердлов туман суди Озодлик қирғиз хизмати¸ унинг мухбири Али Тўхтаохунов ҳамда Kloop сайтига қарашли банк ҳисобларини музлатиш ҳақида қарор чиқарганини хабар қилгандик.

Бундай қарор қирғиз хизмати, хусусан, Али Тўхтаохуновнинг мамлакат божхона хизматидаги кенг кўламли коррупция ва 700 миллион АҚШ долларидан ошиқ маблағнинг мамлакатдан ноқонуний олиб чиқилгани ҳақидаги журналистик суриштируви ортидан пайдо бўлган.

Суд қарорига журналистик суриштирувда номлари тилга олинган шахслар томонидан берилган ариза асос бўлган. Аризачилар Озодлик қирғиз хизмати¸ Али Тўхтаохунов ва Kloop сайтини “ўз шаъни¸ номуси ва бизнес репутациясига зиëн етказганлик”да айблаган.

Аризачилар ўзларига етказилган зарарни қоплаш учун 60 миллион қирғиз сўми ёки тақрибан 859 минг АҚШ доллари миқдорида жарима ундирилишини ҳам сўраган.

Матраимовлар даъвоси бўйича дастлабки суд мажлиси Свердлов туман судида 19 декабрь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.