Украина Озарбайжон мухолифатчи блогерини Бокуга депортация қилди

Украина президенти Володимир Зеленский 16 декабрда Бокуга боради.

Украина Озарбайжон мухолиф блогери Элвин Исаевни Бокуга депортация қилди. Украина Миграция хизматининг билдиришича, Озарбайжон Бош прокуратураси томонидан оғир жиноятларда айбланаётган 39 ёшли Исаев “украин миграция қонунларини бузгани” учун 14 декабрь куни депортация қилинган.

Элвин Исаев Бокуда қўлга олиниб, ҳибсхонада сақланмоқда. Озарбайжон ҳукумати блогерни қандай айбловлар асосида ҳибс қилгани тўғрисида маълумот бермади.

Исаев Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Бокуга қиладиган икки кунлик ташрифи арафасида Озарбайжон ҳукуматига топширилди. Зеленскийнинг Бокуга сафари 16 декабрда бошланади.

1998 йилдан бери Россияда яшаб келган Исаев блогер сифатида Озарбайжон президенти Илҳом Алиевни танқид қилиб келган ва уни “диктатор” деб атаган. Шунингдек, у Озарбайжондаги коррупция ҳақида ҳам ёзган.

Орадан уч йил ўтиб Исаевга Россия фуқаролиги берилган. Бироқ 2019 йилнинг 26 августида Петербург суди унинг Россия фуқаролигини бекор қилган ва мамлакатдан бадарға қилиш тўғрисида қарор чиқарган.