ЎзЛиДеп вакили "дангасаларнинг" яна бир тоифаси борлигини "ошкор қилди"

Кам таъминланган оилалар учун бериладиган нафақалар кўп одамларни ялқов қилиб қўймоқда. Мен кам таъминланганман деб, ҳеч иш қилмасдан ҳаёт кечираверади.

Бу фикрни ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши бўлим мудири Бахтиёр Руҳиддинов Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган пресс-клуб сессиясида билдиргани тўғрисида маҳаллий нашр хабар қилди.

«Ҳар бир оила тадбиркор» давлат дастурини жадаллаштириш ва энг асосийси, халқимиз учун юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратиш - ЎзЛиДеПнинг қўйган асосий вазифаларидан бири. Ўзбекистонни дунёнинг энг ривожланган 50 та мамлакат қаторларига қўшиш бизнинг асосий мақсадларимиздан бири. Инвестиция миқдорини ошириш сайловолди дастуримизга кирган 5 та муҳим вазифаларимиздан бири», - деган Б. Руҳиддинов.

Kun.uz сайти кам таъминланган оилаларга тайинланадиган ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдамнинг қуйидаги турлари мавжудлигини эслатиб ўтган:

14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа;

бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа;

кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам.

Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам 6 ой муддатга, бола парвариши бўйича нафақа эса 12 ойга тайинланади, бироқ бола икки ёшга тўлган ойдан кейинги ойга ўтмаслиги керак.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2013 йилнинг 19 июнь куни Жиззах вилоятига қилган сафарида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини дангаса деб атаган эди.