ЧБМ: Бу йил ҳалок бўлган журналистлар сони озайди, аммо қамалганлари сони ошди

“Чегара билмас мухбирлар” (Reporters Without Borders) ташкилоти жорий йилда 48 нафар журналист ўлдирилганини маълум қилди. Ташкилот 17 декабрь куни эълон қилган ҳисоботда қайд этилишича, айни дамда 389 журналист қамоқда, 57 журналист эса асирдадир.

Журналистларга қарши зўравонлик ҳақидаги йиллик ҳисоботда 2019 йилда ўлдирилган журналистлар сони сўнгги 16 йилда кузатилган энг паст кўрсаткич эканлиги айтилади. Ташкилотга кўра, бунинг асосий сабаби уруш зоналарида ҳалок бўлган журналистлар сонининг озайганидир.

Ҳисоботда ёзилишича, жорий йилда Сурия (10), Афғонистон (5) ва Ямандаги (2) урушларни ёритган 17 нафар журналист ҳалок бўлган. Қиёслаш учун, 2018 йилда уруш зоналарида 34 журналист ҳалок бўлган.

Журналистик фаолияти учун қамалган 389 шахснинг аксари уч мамлакатда қўлга олинган. Булар Хитой (120), Миср (34) ҳамда Саудия Арабистонидир (32). Қамалган журналистларнинг 40 фоиздан ошиғи ижтимоий тармоқлар орқали маълумот тарқатган фуқаровий журналистлардир.

Асир олинган 57 журналистларнинг аксари эса Сурия (30), Яман (15) ва Ироқда олиб қочиб кетилган.