Жаҳон иқтисодиёт форуми:Иқтисодиётда аёллар эркаклар билан тенглашишига 257 йил бор

Қароргоҳи Швейцарияда жойлашган Жаҳон иқтисодиёт форуми ҳар йили 153 мамлакатда жинслар ўртасидаги тафовут таҳлил қилинган ҳисоботни эълон қилади.

Жаҳон иқтисодиёт форуми эълон қилган ҳисоботга кўра, ҳозирги глобал суръатларда хотин-қизларнинг иқтисодиётдаги имкониятлари эркакларники билан тенглашиши учун 2,5 асрдан кўпроқ вақт керак.

Глобал жинсий тафовутга доир 2020 йилги ҳисоботга кўра, жинсларга бир хил муносабатда бўлиш талабларига қарамасдан, жаҳон бўйлаб иш жойларида жинсий тенгсизлик ўта секин қисқармоқда.

“Ўсиш жуда секинлигига шубҳа йўқ. Бу суръатда жинсий тафовутни йўқотиш учун 257 йил керак бўлади“, дейилади ҳисоботда.

Бунга қарамасдан, ҳисоботда сиёсат, соғлиқни сақлаш ҳамда таълим соҳаларида жинслар ўртасида тенглик деярли ўрнатилгани айтилди.

Қароргоҳи Швейцарияда жойлашган Жаҳон иқтисодиёт форуми ҳар йили 153 мамлакатда жинслар ўртасидаги тафовут таҳлил қилинган ҳисоботни эълон қилади. Жорий йилги ҳисоботда эркаклар ва аёлларга бериладиган иқтисодий имкониятлар ўртасидаги фарқ секин бўлса-да озаётгани эътироф этилди.

Шунингдек, ҳисоботда юқори лавозимли ҳамда малакали лавозимларда аёллар пропорцияси кўпроқ бўлса-да, аёллар иш бозорида озроқ иштирок этаётгани ҳамда уларга бериладиган маошлар ўсмаётгани ёки ҳатто озаётгани эътироф этилди.