ЕХҲТ инсон ҳуқуқлари бюроси директори сайловларни кузатиш учун Тошкентга келди

Ингибьёрг Сольрун  Гисладоттир

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ДИИҲБ) директори Ингибьёрг Сольрун Гисладоттир 20 декабрь куни Тошкентга келди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси хабар қилди.

Гисладоттир 22 декабрь кунги парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловларни мониторинг қилувчи ЕХҲТ кузатувчилар гуруҳига раҳбарлик қилади.

МСК таъкидича¸ ЕХҲТ 1999 йилдан бери илк марта бу йилги сайловларни кузатиш учун тўлақонли миссия юборган.

Бу миссия таркибига Тошкентда жойлашган 11 нафар халқаро эксперт¸ 30 нафар узоқ муддатли ва 250 нафар қисқа муддатли кузатувчилар киритилган. Миссия ўз фаолиятини 25 ноябрдан бошлаган.

ЕХҲТнинг оралиқ ҳисоботида¸ қатор камчиликлар баробарида¸ Ўзбекистон сайлов қонунчилиги ва овоз бериш амалиëтида "сезиларли прогресс" кузатилгани айтилган.

ЕХҲТ миссияси сайловларга оид ўз якуний хулосасини 23 декабрь куни тақдим қилади.

Сайловларни МДҲ¸ ШҲТ каби бошқа қатор халқаро тизимлардан келган юзлаб экспертларнинг кузатиши айтилмоқда.

Мирзиëев президентликка келганидан бери биринчи марта ўтказилаëтган сайловларда Каримов даврида тузилган беш партия номзодларигина иштирок этмоқда.

Муҳожиратдаги мухолиф партия ва ҳаракатлар бу сайловларга қўйилмади¸ улар етакчиларининг Ўзбекистонга қайтишига ҳам изн берилмади.