Британия янги парламенти 31 январгача ЕИдан чиқиш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқуллади

Бош вазирнинг Брекзит лойиҳаси янги парламент томонидан дарҳол қабул қилинди.

Буюк Британиянинг янги сайланган парламенти Бош вазир Борис Жонсоннинг мамлакатни Европа Иттифоқидан чиқаришга оид қонун лойиҳасини кўпчилик овоз билан маъқуллади.

Жонсоннинг ушбу лойиҳаси октябрь ойида парламент тасдиғидан ўтмагани ортидан¸ мамлакатда муддатидан олдин сайловлар эълон қилинган эди.

12 декабрь кунги сайловларда Борис Жонсон етакчилигидаги Консерваторлар партияси катта ғалаба қозонди ва парламентдаги кўпчилик ўринларни қўлга киритди.

Брекзитга оид тузатилган қонун лойиҳасини ëқлаб 358 депутат¸ унга қарши 234 депутат овоз берди.

Қонун лойиҳаси Британиянинг 2020 йил 31 январига қадар ЕИдан чиқишини кўзда тутади.

Қонун лойиҳаси эндиликда Лордлар палатасига тақдим этилади.