Қирғизистон президенти самолёти ҳавога кўтарила олмади

21 декабрда Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбековга хизмат қилувчи самолёт Санкт-Петербург шаҳридан қайтиб келаётиб ҳавога кўтарила олмади.

Фуқаро авиацияси департаменти маълумотига таяниб хабар қилган Азаттиқ радиосига кўра,бунга учоқнинг техник носозлиги сабаб бўлган. Натижада президент етакчилигидаги делегация Қирғизистонга кундалик жадвал бўйича парвоз қиладиган самолётда қайтган.

Қирғизистон президентлари фойдаланиб келаётган “ТУ-154” самолёт 1993 йили ишлаб чиқарилган.

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков 20 декабрь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг норасмий мажлисида иштирок этди.