Афғонистон президенти Ашраф Ғани иккинчи муддатга сайланди

Ашраф Ғани

Афғонистон сайлов расмийлари жорий президент Ашраф Ғани президент сайловида 50,6 фоиз овоз тўплаб, иккинчи муддатга сайланганини маълум қилди.

Бу ҳақда 22 декабрь куни Мустақил сайлов комиссияси раиси Олам Нуристоний билдирди.

28 сентябрь куни бўлиб ўтган сайлов натижалари сайлов бюллетенларни санаш билан боғлиқ техник муаммолар ва қонунбузарлик иддаолари туфайли ҳануз эълон қилинмаган эди.

Ғанининг асосий рақиби Абдуллоҳ Абдуллоҳ 39,5 фоиз овоз олган.

Ноябрь ойида сайлов расмийлари бюллетенларни қайта санаш жараёнини бошлашга уринди, аммо Абдуллоҳ ўз кузатувчилари қайта санашда иштирок этмаслигини айтиб, жараёнга тўсқинлик қилди

Декабрь бошида эса Абдуллоҳ уни қўлловчилар бюллетенларни санаш жараёнига қаршилик кўрсатиб келган вилоятларда бюллетенларни қайта саналишига рози бўлди.

БМТ Афғонистонда сайлов натижалари ниҳоят эълон қилинганини олқишлаб, мамлакат аҳолисини сайловда қатнашгани учун олқишлади.