Қирғизистон Қозоғистон билан чегарадаги назорат-ўтказиш масканларидан бирини вақтинча ёпади

Иллюстратив сурат.

Қирғизистон 2020 йилнинг январида Қозоғистон билан чегарадаги “Ақжўл” назорат-ўтказиш пунктини (НЎП) реконструкция қила бошлайди. Шу муносабат билан бу ердан шахслар, транспорт воситалари ва юклар ўтказилиши вақтинча тўхтатилади.

Қирғизистон Давлат Чегара хизмати тарқатган маълумотга мувофиқ, Қозоғистон билан чегарадаги Чуй вилоятида “Ақ-Тилек – автойўл”, “Тўқмоқ-автойўл”, “Кен-Булун-автойўл”, “Қаинди-темирйўл”,“Чалдибар-автойўл” каби бешта НЎП жойлашган.

Қайд этилишича, мазкур назорат-ўтказиш пунктларининг барчаси туну кун фаолият юритади. “Учинчи мамлакат ватандошларини “Тўқмоқ-автойўл” ва “Кен-Булун-автойўл” НЎП орқали ўтказиш масаласи бўйича Қозоғистон томони билан музокаралар олиб борилмоқда”, дейилади ДЧХ хабарномасида.

Аввалроқ Қозоғистон томони “Қўрдай” НЎП (“Ақжўл”нинг Қозоғистон томонидаги пункт) таъмирланиши борасида баёнот берган, аммо таъмирлаш ишлари қачон якунланишига аниқлик киритмаган эди.

“Ақжўл” – “Қўрдай” назорат-ўтказиш пунктлари асосий НЎПлар бўлиб, бу ердан кунига икки мамлакатнинг 10 мингдан ортиқ ватандоши ўтади. Реконструкциядан кўзланган асосий мақсад ўтиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган.