Қозоғистон ўлим жазосини тамоман бекор қилмоқчи

Иллюстратив сурат.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатда ўлим жазоси бутунлай бекор қилиниши ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг иккинчи факултатив протоколига қўшилишини эълон қилди. Бу ҳужжат ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган.

“Ҳуқуқ фаоллари томонидан тез-тез кўтариб келинган масалани ҳал қилиш вақти етди. Ташқи ишлар вазирлигига ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг иккинчи факултатив протоколига қўшилиш жараёнини бошлаш вазифаси топширилади”, деди Тоқаев ўтган ҳафта якунида мажлисда сўзлаган нутқида.

Қозоғистонда ўлим жазосини қўллашга 2003 йилдан бери муддатсиз мораторий жорий этилган. Ҳозирда бу мамлакатда энг оғир жазо умрбод озодликдан маҳрум қилиш бўлиб ҳисобланади.

Айни пайтда мораторий ўлим жазосини жазо тури сифатида тўла бекор қилмайди ва у мораторий бекор қилинганидан кейин бир йил ўтгач, амалга оширилиши мумкин.

Қозоғистон мустақиликка эришганидан бери ўлим жазоси бўйича 536 та ҳукм ижро этилган.